Олдинги таҳрирга қаранг.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Олдинги таҳрирга қаранг.
1. Қурилиш пудрати шартномасидан келиб чиқадиган низоларни ҳал этишда иқтисодий судлар (бундан буён матнда судлар деб юритилади) Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси (бундан буён матнда ФК деб юритилади), Ўзбекистон Республикасининг Ер кодекси, Ўзбекистон Республикасининг Шаҳарсозлик кодекси, Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодекси (бундан буён матнда ИПК деб юритилади), «Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни ва бошқа қонун ҳужжатлари, шунингдек шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларини қўллаши лозим.
Судларнинг эътибори қаратилсинки, буюртмачининг мақомидан ёки молиялаштириш шартларидан келиб чиқиб (масалан, марказлаштирилган манбалар, давлат бошқарув органлари ва давлат корхоналари маблағлари, бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобига молиялаштириладиган объектларнинг қурилишида), қурилиш пудрати шартномасидан келиб чиқадиган низоларни ҳал этишда алоҳида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг қоидалари ҳам қўлланилади. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Капитал қурилишда иқтисодий ислоҳотларни янада чуқурлаштиришнинг асосий йўналишлари тўғрисида»ги 2003 йил 6 майдаги ПФ-3240-сонли Фармони, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Капитал қурилишда танлов савдолари тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 2003 йил 3 июлдаги 302-сонли, «Капитал қурилишда хўжалик муносабатлари механизмини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 2003 йил 12 сентябрдаги 395-сонли қарорлари ва бошқалар шундай ҳужжатлар сирасига киради.
2.1. Қурилиш пудрати шартномасининг шартларини баҳолашда судлар ФК 364-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ, агар тарафлар ўртасида шартноманинг барча муҳим шартлари юзасидан шундай ҳолларда талаб қилинадиган шаклда келишувга эришилган бўлса, шартнома тузилган деб ҳисобланишини инобатга олишлари лозим. Шу муносабат билан, агар қурилиш пудрати шартномасида муҳим шартлар назарда тутилмаган бўлса ҳамда ушбу шартларни белгилаш имконияти бўлмаса, бундай шартнома тузилмаган деб ҳисобланади. Бу ҳолатда судлар низони ҳал этишда шартномадан ташқари мажбуриятларни тартибга солувчи қоидаларни қўллашлари лозим.
Олдинги таҳрирга қаранг.
3. Ўзбекистон Республикаси Бюджет кодекси 122-моддасининг учинчи қисмига мувофиқ, бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчиларнинг бюджетдан ажратиладиган маблағлар бўйича товарларни (ишларни, хизматларни) етказиб берувчилар билан тузган шартномалари, шунингдек уларга киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар улар ғазначилик бўлинмаларида рўйхатдан ўтказилганидан кейин кучга киради.
5. ФКнинг 108 ва 109-моддалари мазмунига кўра, қурилиш пудрати шартномаси оддий ёзма шаклда тузилади ва ушбу шаклга риоя қилмаслик унинг ҳақиқий эмаслигига олиб келмайди, бироқ тарафларни битимнинг тузилганлигини, мазмунини ёки бажарилганлигини гувоҳларнинг кўрсатувлари билан тасдиқлаш ҳуқуқидан маҳрум қилади. Бунда, агар қурилиш пудрати шартномаси ёзма шаклда тузилмаган бўлса, тарафлар битимнинг тузилганлигини, мазмунини ёки бажарилганлигини ёзма ёхуд бошқа далиллар билан тасдиқлашлари мумкин.
6. ФК 670-моддасининг тўртинчи қисмига мувофиқ, пудратчи қурилиш давомида лойиҳа-смета ҳужжатларида ҳисобга олинмаган ишларни ва шу муносабат билан қўшимча ишларни бажариш ва қурилишнинг смета қийматини ошириш зарурлигини аниқласа, бу тўғрида буюртмачига хабар бериши шарт.
6.1. Агар техник ҳужжатларга ўзгартишлар киритиш туфайли бажарилиши керак бўладиган қўшимча ишлар қиймати сметада кўрсатилган қурилиш умумий қийматининг ўн фоизидан ошиб кетмаса ва қурилиш пудрати шартномасида назарда тутилган ишларнинг хусусиятини ўзгартирмаса, пудратчининг қўшимча ишлар бажарилиши лозимлиги тўғрисидаги хабарини олган ва унга розилик берган буюртмачи ФК 671-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ мустақил равишда лойиҳа-смета ҳужжатларига ўзгартишлар киритишга ҳақли. Бундай ҳолатда пудратчининг хабарномаси ва буюртмачининг лойиҳа-смета ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш бўйича ҳаракатлари тарафларнинг қўшимча ишлар бажарилиши зарурлиги бўйича келишувини англатади ҳамда бу масала бўйича қўшимча келишув тузилиши мажбурий эмас.
Агар қўшимча ишлар қиймати сметада кўрсатилган қурилиш умумий қийматининг ўн фоизидан ошса ва буюртмачи лойиҳа-смета ҳужжатларига ўзгартиш киритишга қарши бўлса, пудратчи шартномадан бош тортишга ва бажарган ишларига мутаносиб равишда шартнома баҳосини тўлашни ёхуд ФК 382-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган тартибда шартнома баҳосини қайта кўриб чиқишни талаб қилиш ҳуқуқига эга бўлади. Бунда, қурилиш пудрати шартномаси тендер савдоси натижаси бўйича тузилган бўлса ва тендер комиссияси шартномага ўзгартишлар киритишни рад этса, пудратчи шартномадан воз кечиш ва буюртмачидан етказилган зарарни талаб қилиш ҳуқуқига эга бўлади. Бу қоида буюртмачи томонидан тендер комиссиясига тегишли ҳужжатлар тақдим этилмаган ҳолларда ҳам қўлланилади.
6.4. ФК 670-моддасининг олтинчи қисмига кўра, агар пудратчи қурилиш давомида лойиҳа-смета ҳужжатларида ҳисобга олинмаган аниқланган ишлар тўғрисида буюртмачини хабардор қилмаса ёки тегишли ишлар бажарилишини тўхтатмаса, у бажарган қўшимча ишлар учун буюртмачидан ҳақ тўлашни ва шу туфайли кўрилган зарарни қоплашни талаб қилиш ҳуқуқидан маҳрум бўлади.
Шунга кўра, агар суд томонидан низони ҳал этишда пудратчи томонидан ФК 670-моддасининг олтинчи қисмида белгиланган талабларга риоя қилинмаганлиги аниқланса, пудратчининг бажарган қўшимча ишлар учун ҳақ тўлаш ва шу туфайли кўрилган зарарни қоплаш ҳақидаги талабларини қаноатлантириш рад этилади.
6.5. Судлар инобатга олишлари керакки, ФК 671-моддасининг тўртинчи қисмида назарда тутилган пудратчининг лойиҳа-смета ҳужжатларидаги камчиликларни аниқлаш ва йўқотиш билан боғлиқ оқилона харажатларни қоплашни талаб қилиш ҳуқуқи лойиҳа-смета ҳужжатлари фақат буюртмачи томонидан ишлаб чиқилгандагина вужудга келади.
Судларнинг эътибори ФК 636-моддасининг олтинчи қисмида назарда тутилган буюртмачининг шартномадан воз кечиш ҳуқуқи қурилиш пудрати шартномаси ижро этилишида қўлланилмаслигига қаратилсин, чунки лойиҳа-смета ҳужжатларида ҳисобга олинмаган ишлар ва бунинг натижасида қўшимча ишларни бажариш зарурияти аниқланганда, қурилиш пудрати шартномаси тарафларнинг ўзаро муносабатлари бундай муносабатларни тартибга солувчи махсус норма бўлган ФКнинг 670 ва 671-моддалари билан тартибга солинади.
7.1. ФК 642-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ, агар пудратчи пудрат шартномасини бажаришга ўз вақтида киришмаса ёки ишни суст бажариши натижасида уни белгиланган муддатда тугатиш мумкин эмаслиги аниқ бўлиб қолса, буюртмачи шартномадан воз кечиб, етказилган зарарни қоплашни талаб қилишга ҳақли.
7.2. ФК 642-моддаси учинчи қисмининг мазмунига кўра, агар ишни бажариш вақтида унинг тегишли даражада бажарилмаслиги аниқ бўлиб қолса, буюртмачи шартномадан воз кечиш ва етказилган зарарни қоплашни талаб қилишга ҳақли.
ФК 650-моддасининг учинчи қисмига мувофиқ, агар ишдаги пудрат шартномаси шартларидан четга чиқишлар ёки бошқа хил камчиликлар жиддий ва бартараф этиб бўлмайдиган даражада бўлса ёхуд аниқланган камчиликлар буюртмачи томонидан белгиланган оқилона муддатда бартараф этилмаган бўлса, буюртмачи шартномани бажаришдан бош тортишга ва келтирилган зарарни қоплашни талаб қилишга ҳақли.
7.3. Буюртмачининг зарарни қоплаш тўғрисидаги талабини кўришда судлар шуни назарда тутишлари лозимки, зарарга шартнома мажбуриятлари бажарилмаганлиги ёки лозим даражада бажарилмаганлиги муносабати билан тарафнинг қилган харажатлари, мол-мулк йўқолиши ёки шикастланиши, шунингдек агар иккинчи тараф шартнома мажбуриятларини бажарганда тараф олиши мумкин бўлган, лекин унинг ололмай қолган даромадлари, ҳуқуқи бузилган шахснинг ҳуқуқини тиклаш учун қилган ёки қилиши лозим бўлган харажатлари ҳам киради (ФК 14-моддасининг иккинчи қисми). Бундай харажатларнинг зарурийлиги ва уларнинг тахминий миқдори асослантирилган ҳисоб-китоб ва далиллар (ишдаги камчиликларни бартараф этиш харажатлари сметаси ёки калькуляцияси, мажбуриятларни бузилганлиги учун жавобгарлик даражасини белгиловчи шартнома ва ҳ.к.) билан тасдиқланган бўлиши керак.
7.4. ФК 642-моддаси тўртинчи қисмининг мазмунига кўра, буюртмачи иш натижаси ўзига топширилгунга қадар истаган вақтда шартномадан воз кечиши мумкин.
Судларнинг эътибори пудратчининг ФК 643-моддасининг учинчи қисмида назарда тутилган шартномадан воз кечиш ҳуқуқи қурилиш пудрати шартномасини бажарилишида қўлланилмаслигига қаратилсин, чунки буюртмачи томонидан етказиб берилган материаллар (деталлар, конструкциялар) ёки ускуналарнинг яроқсизлиги аниқланганлиги сабабли вужудга келган ўзаро муносабатларни тартибга солувчи қоидалар махсус норма ҳисобланадиган ФКнинг 672-моддасида назарда тутилган.
8.1. ФКнинг 256 ва 644-моддаларига кўра, агар буюртмачи пудрат шартномаси бўйича ўзининг муқобил мажбуриятларини бажармаса (пудрат объекти, материаллар ва (ёки) техник ҳужжатларни бермаганлиги ёхуд ушбу мажбуриятларнинг белгиланган муддатда бажарилмаслигини яққол кўрсатиб турганлиги) ёки шартномани бажаришига тўсқинлик қилса, пудратчи шартномани бажаришдан бош тортишга ва зарарнинг қопланишини талаб қилишга ҳақли.
8.2. ФКнинг 672-моддасида ҳам, агар қурилишни материаллар (деталлар, конструкциялар) билан таъминлаш мажбуриятини буюртмачи зиммасига олган ва у топширган материаллардан, ускуналардан бажарилаётган ишлар сифатини ёмонлаштирмаган ҳолда фойдаланиб бўлмаса, пудратчи қурилиш пудрати шартномасидан воз кечиш ва буюртмачидан ишнинг бажарилган қисмига мутаносиб равишда шартнома нархини тўлашни талаб қилишга ҳақли эканлиги назарда тутилган.
9. ФКнинг 646 ва 680-моддаларига кўра, буюртмачи бажарилган ишни (унинг натижасини) пудрат шартномасида назарда тутилган муддатда ва тартибда пудратчи иштирокида кўриб чиқиши ва қабул қилиши шарт бўлиб, бу ҳақда иккала тараф томонидан имзоланадиган далолатнома расмийлаштирилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
9.1. ФК 646-моддасининг қоидаларига кўра, ишни қабул қилиш вақтида унинг камчиликларини аниқлаган буюртмачи бу камчиликлар ёхуд уларни тузатиш тўғрисида кейинчалик талаб қўйиш мумкинлиги далолатнома ёки қабул қилишни тасдиқловчи бошқа ҳужжатда кўрсатилган ҳоллардагина уларни важ қилиб келтиришга ҳақли. Пудрат шартномасидан чекинишлар ёки ишни қабул қилишнинг оддий усулида аниқланиши мумкин бўлмаган бошқа хил камчиликлар (яширин камчиликлар), шу жумладан, пудратчи қасддан яширган камчиликлар аниқланган ҳолатлар бундан мустасно.
9.2. ФК 646-моддасининг тўртинчи қисмига мувофиқ, буюртмачи иш қабул қилиб олинганидан сўнг унда пудрат шартномасидан чекинишлар ёки ишни қабул қилишнинг оддий усулида аниқланиши мумкин бўлмаган бошқа хил камчиликлар (яширин камчиликлар)ни, шу жумладан, пудратчи қасддан яширган камчиликларни аниқласа, улар аниқланганидан сўнг ўн кунлик муддат ичида бу тўғрида пудратчига хабар қилиши шарт.
10. Судларнинг эътибори қаратилсинки, ФК 646-моддасининг бешинчи қисмида назарда тутилган ишларнинг сифати юзасидан низо келиб чиққан тақдирда, суд экспертиза тайинлаши шартлигидан фарқли равишда, фуқаролик қонун ҳужжатлари бажарилган ишларнинг ҳажми бўйича келиб чиққан низолар бўйича суднинг экспертиза тайинлашга мажбур эканлигини назарда тутмайди.
12. ФКнинг 667-моддасига мувофиқ, агар пудрат объекти нобуд бўлса ёки шикастланса, объект қабул қилиб олингунга қадар унинг тасодифан нобуд бўлиш ёки тасодифан шикастланиш хавфи пудратчи зиммасида бўлади.
13. ФК 682-моддасининг биринчи қисмига кўра, агар қонунда ёки шартномада бошқача кафолат муддати назарда тутилган бўлмаса, кафолат муддати объект буюртмачи томонидан қабул қилинган кундан бошлаб ўн йилни ташкил этади.
15. Судлар пудратчининг тежами билан боғлиқ низоларни ҳал этишда, ФКнинг 637-моддасига кўра, пудратчининг амалдаги харажатлари иш баҳосини аниқлаш вақтида (смета тузилаётганда) назарда тутилган харажатлардан кам бўлган ҳолларда, агар шартномада тақсимлашнинг бошқа тартиби назарда тутилмаган бўлса, башарти буюртмачи пудратчининг тежами бажарилган иш сифатига (шу жумладан, фойдаланилган қурилиш материалларининг сифати, ишларнинг шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига мувофиқлиги) таъсир этганлигини исботлай олмаса, пудратчи ишлар учун пудрат шартномасида кўрсатилган баҳо бўйича ҳақ олиш ҳуқуқини сақлаб қолишига эътибор қаратишлари лозим.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 26 мартдаги 135-сонли қарори билан тасдиқланган Объект муддатидан илгари фойдаланишга топширилганлиги ва шартнома қийматига нисбатан маблағлар тежалганлиги учун пудратчи ташкилотни буюртмачи томонидан мукофотлаш тартибининг 1.4-бандига кўра, шартнома қийматига нисбатан маблағлар тежалиши тендер савдолар асосида белгиланган шартнома нархи билан амалдаги харажатлар ўртасидаги тафовут сифатида аниқланади. Ушбу маблағлар мукофот сифатида пудратчи ташкилот ихтиёрида қолади.
Ушбу Тартибнинг 2.5-бандида қабул қилиш комиссиясининг объект муддатидан илгари фойдаланишга топширилганлигини белгиланган тартибда тасдиқловчи далолатномаси объект муддатидан илгари фойдаланишга топширилганлиги учун мукофотлашга маблағ ўтказиш учун асос ҳисобланиши, 2.6-бандида эса - объект муддатидан илгари фойдаланишга топширилганлиги учун ишларни бажарувчиларга мукофотлаш маблағларини ўтказиш пудрат шартномасида белгиланган муддатларда амалга оширилиши белгиланган.
19. ФКнинг 234 ва 354-моддаларига кўра, мажбуриятларнинг келиб чиқиш асосларидан бири шартнома бўлиб, унинг шартлари тарафларнинг хоҳиши билан белгиланади, тегишли шартнинг мазмуни қонун ҳужжатларида кўрсатиб қўйилган ҳоллар бундан мустасно.
ФК 673-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ, буюртмачи пудратчининг бажарган иши учун сметада назарда тутилган миқдорда, қонун ёки қурилиш пудрати шартномасида белгиланган муддатда ва тартибда ҳақ тўлайди.
20. Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси 330-моддасининг 27-бандига кўра, давлат эҳтиёжлари учун товарлар (ишлар, хизматлар) етказиб бериш шартномалари бўйича сотиб олувчи ҳисобланган давлат органлари ва ташкилотлари етказиб берувчилар (пудратчилар) томонидан шартнома мажбуриятларининг бажарилмаганлиги билан боғлиқ даъволар юзасидан хўжалик судларида давлат божи тўловидан озод қилинган.
ФК 457-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда аниқланадиган, давлат бюджети ва молиялашнинг бюджетдан ташқари манбалари ҳисобига таъминланадиган Ўзбекистон Республикасининг эҳтиёжлари давлат эҳтиёжлари дейилади.
Шунга кўра, Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси 330-моддасининг 27-бандида назарда тутилган давлат божи тўлашдан озод қилиш бўйича имтиёзни қўллашда судлар қурилиш пудрати шартномаси бўйича бажарилган ишлар Ўзбекистон Республикасининг эҳтиёжи эканлигини ёки бундай шартнома буюртмачининг шахсий эҳтиёжи учун ёхуд оддий хўжалик фаолиятини амалга ошириш жараёнида тузилганлигини аниқлашлари лозим. Хусусан, давлат дастури доирасида ёки давлатнинг мудофаа манфаатида бажарилган қурилиш ишлари давлат эҳтиёжлари учун қурилиш пудрати шартномаси бўйича бажарилган ишлар деб ҳисобланади, аксинча давлат органлари ва ташкилотлари буюртмалари бўйича уларнинг оддий хўжалик фаолиятини амалга ошириш жараёнида фойдаланиши учун бино ва иншоотлар қурилиши (ёки уларни таъмирланиши) бўйича бажарилган ишлар (масалан, у ёки бу вазирлик ёхуд идора ҳудудий бошқармаси биносининг қурилиши) бундай ишлар деб ҳисобланмайди.