Ҳужжат 19.06.2015 00 санаси ҳолатига
Амалдаги версияга ўтиш
Кейинги таҳрирга қаранг.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Кейинги таҳрирга қаранг.
2. ФК 2-моддасининг олтинчи қисмига кўра бир тарафнинг иккинчи тарафга маъмурий бўйсунишига асосланган мулкий муносабатларга, шу жумладан солиқ, молиявий ва бошқа маъмурий-ҳуқуқий муносабатларга нисбатан фуқаролик қонун ҳужжатлари қўлланилмайди, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно. Судлар инобатга олиши лозимки, ушбу қоида даъво муддатига оид қонун ҳужжатларини қўллашда ҳам татбиқ этилади.
3. ФКнинг 149-моддасига кўра даъво муддати — шахс ўзининг бузилган ҳуқуқини даъво қўзғатиш йўли билан ҳимоя қилиши мумкин бўлган муддатдир.
Судлар қонун ҳужжатларида ёки шартномада белгиланган талабнома бериш муддати даъво муддати ҳисобланмаслигига эътибор бериши лозим. Талабнома бериш муддати бу низони судгача ҳал қилиш тартиби ҳисобланади. Хусусан, акциядорнинг ўзига тегишли акцияларни қайтариб сотиб олиш тўғрисидаги талаби бўйича («Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 41-моддаси), темир йўлда юк ташишда юк ташувчига нисбатан билдириладиган талаблар бўйича (Ўзбекистон Республикаси темир йўл Уставининг 152-банди), йўловчилар ва багажни ташиш бўйича юзага келадиган низолар (Ўзбекистон Республикаси Ҳаво кодексининг 124 ва 125-моддалари, Автомобиль транспортида йўловчилар ва багажни ташиш қоидаларининг 124, 125-бандлари) бўйича талабнома бериш тартиби ўрнатилган.
4. Судлар инобатга олишлари лозимки, ФКнинг 150-моддасида кўрсатилган уч йиллик даъво муддати, қонун ҳужжатларида ушбу муддатга қараганда қисқартирилган ёки узайтирилган, шунингдек даъво муддати жорий қилинмайдиган талаблардан ташқари фуқаролик ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган барча талабларга нисбатан татбиқ этилади.
5. Айрим турдаги талаблар учун қонун ҳужжатларида умумий даъво муддатига қараганда қисқартирилган ёки узайтирилган махсус даъво муддатлари белгиланиши мумкин. Хусусан, юк ташиш шартномасидан келиб чиқадиган (ФКнинг 724-моддаси), масъулияти чекланган ёки қўшимча масъулиятли жамият иштирокчилари умумий йиғилишининг қарорини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги («Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 41-моддаси), эмиссиявий қимматли қоғозларни чиқариш билан боғлиқ бўлган қарорларни ҳақиқий эмас деб топиш, эмиссиявий қимматли қоғозларнинг чиқарилишини, эмиссиявий қимматли қоғозларни жойлаштириш жараёнида тузилган битимларни ҳақиқий эмас деб топиш («Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 62-моддаси), темир йўл Уставидан келиб чиқадиган даъволар бўйича (Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 23 октябрдаги 232-сонли қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси темир йўл Уставининг 155, 156-бандлари) махсус даъво муддатлари белгиланган. Агар қонун ҳужжатларида бошқача тартиб белгиланган бўлмаса, ФКнинг 152 — 162-моддаларининг қоидалари махсус даъво муддатларига ҳам жорий қилинади.
6. ФК 152-моддасининг биринчи қисмига кўра даъво муддатлари ва уларни ҳисоблаш тартиби тарафларнинг келишуви билан ўзгартирилиши мумкин эмас. Шу муносабат билан судлар инобатга олиши керакки, ишни кўриш жараёнида даъво муддатлари ва уларни ҳисоблаш тартиби ишда иштирок этувчи шахсларнинг келишуви билан ўзгартирилганлиги аниқланса, бундай келишув ФКнинг 116-моддасига асосан ўз-ўзидан ҳақиқий эмас ҳисобланади ҳамда суд томонидан инобатга олинмайди. Бу ҳақда суд ҳужжатининг асослантирувчи қисмида кўрсатилиши керак.
7. Бузилган ҳуқуқни ҳимоя қилиш талаби, даъво муддатининг ўтганлигидан қатъийназар, судда кўриб чиқиш учун қабул қилинади (ФКнинг 153-моддаси). Шунинг учун даъво аризасини иш юритишга қабул қилиш ва ишни судда кўриш учун тайёрлаш пайтида даъво аризасида билдирилган талаб бўйича даъво муддати ўтганлиги аниқланса, бу ҳолат даъво аризасини қабул қилишни рад этиш ёки уни қайтариш учун асос бўлмаслиги инобатга олиниши лозим.
8. ФК 153-моддасининг иккинчи қисмига кўра даъво муддати суд томонидан фақат низодаги тарафнинг қарор чиқарилгунигача берган аризасига мувофиқ қўлланилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
11. ФК 154-моддасининг биринчи қисмига кўра даъво муддати шахс ўзининг ҳуқуқи бузилганлигини билган ёки билиши лозим бўлган кундан ўта бошлайди. Бу қоидадан истиснолар ФК ва бошқа қонун ҳужжатлари билан белгиланади.
11.2. Мажбуриятдаги шахсларнинг ўзгариши (ФКнинг 155-моддаси) даъво муддати ва уни ҳисоблаш тартибининг ўзгаришига олиб келмаслигини судлар инобатга олиши лозим.
12. Судларга тушунтирилсинки, ФК 156-моддасининг биринчи қисмида кўрсатилган даъво муддати ўтишининг тўхтатилиши учун асос бўлувчи ҳолатлар қатъийдир ва уни кенгайтирилган тарзда талқин қилинишига йўл қўйилмайди, ФК 158-моддасининг иккинчи қисмида кўрсатилган ҳоллар бундан мустасно.
13. ФКнинг 157-моддасига кўра даъво муддатининг ўтиши белгиланган тартибда даъво қўзғатилиши билан, шунингдек мажбур шахс қарзни тан олганлигини кўрсатувчи ҳаракатларни қилиши билан узилади. Узилишдан кейин даъво муддатининг ўтиши янгидан бошланади, узилишгача ўтган вақт эса янги муддатга қўшилмайди.
Судлар қарз тан олинганлигини кўрсатувчи ҳаракатлар мажбур шахснинг ваколатли вакили томонидан амалга оширилган бўлиши лозимлигига эътибор қаратишлари лозим. Мажбур шахснинг ваколатли вакили деганда, ФКнинг 10-бобида белгиланган тартибда ваколати расмийлаштирилган шахс тушунилади. Агар бундай ҳаракатлар ваколатсиз шахс томонидан амалга оширилган бўлса, унинг ҳаракатлари қарзни тан олиш деб баҳоланмаслиги лозим. Судлар инобатга олишлари керакки, мажбур шахснинг қарзни тан олганлигини кўрсатувчи ҳаракатлар даъво муддати даврида амалга оширилган бўлиши лозим. Агарда бундай ҳаракатлар даъво муддати ўтгандан кейин амалга оширилган бўлиб, низони кўриш пайтида жавобгар даъво муддатини қўллашни сўраса, суд даъво муддатини қўллайди.
14. Суд томонидан даъво аризасини қабул қилиш рад этилганда (ХПКнинг 117-моддаси), даъво аризаси қайтарилганда (ХПКнинг 118-моддаси), суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризани қабул қилиш рад этилганда (ХПКнинг 107-моддаси), шунингдек суд буйруғини бериш рад этилганда (ХПКнинг 109-моддаси) даъво муддатининг ўтиши узилмаслиги эътиборга олиниши лозим. Даъво аризаси (ариза) қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тақдим этилганда ва у суд томонидан қабул қилингандагина даъво муддатининг ўтиши узилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
15. ФК 158-моддаси биринчи қисмининг мазмунига кўра ХПКнинг 88-моддасига асосан даъво кўрмасдан қолдирилган бўлса, даъво қўзғатилгунга қадар ўта бошлаган даъво муддати умумий тартибда давом этади.
ФКда даъвони кўрмасдан қолдириш учун асос бўлган, яъни ХПКнинг 88-моддасида кўрсатилган бирорта ҳолатда, ҳатто даъво ХПК талабларига риоя этилган ҳолда берилган бўлса ҳам (ХПК 88-моддасининг 6 — 9-бандлари), даъво муддати узилиши назарда тутилмаган. Шу муносабат билан судларга тушунтирилсинки, даъво кўрмасдан қолдирилганда ФКнинг 157-моддаси қоидалари қўлланилмайди, яъни кўрмасдан қолдирилган даъво аризаси бўйича даъво муддатининг ўтиши у берилган пайтдан узилмайди.
15.1. ФК 158-моддасининг иккинчи қисмида жиноят ишлари бўйича суд томонидан кўрилаётган жиноят иши доирасида тақдим этилган даъво кўрмасдан қолдирилган тақдирда, даъво қўзғатилгунга қадар ўта бошлаган даъво муддати даъво кўрмасдан қолдирилган ҳукм қонуний кучга киргунга қадар тўхтатиб турилиши, даъво муддати тўхтатиб турилган вақт даъво муддатига қўшилмаслиги назарда тутилган. Судларга тушунтирилсинки, бундай ҳолатда даъво муддати тўхтатилган кун, даъво қўзғатилган сана ҳисобланади. Бунда даъво муддатининг қолган қисми олти ойдан кам бўлса, у олти ойгача узайтирилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
16. ФК суд даъво муддатининг ўтказиб юборилганлиги сабабини узрли деб топса, бузилган ҳуқуқ ҳимоя қилиниши кераклигини назарда тутади (ФКнинг 159-моддаси).
Судлар инобатга олиши керакки, ФКда даъво муддатининг ўтказиб юборилганлиги сабабини узрли деб топиш ва уни тиклаш тўғрисида ариза берилиши шартлиги назарда тутилмаган. Шунинг учун, агар даъво муддати ўтказиб юборилган бўлса ва жавобгар томонидан даъво муддатини қўллаш талаб этилса, суд даъво муддатининг ўтказиб юборилганлиги сабабини аниқлаши ҳамда ушбу ҳолатни тасдиқловчи ҳужжатларни даъвогардан талаб қилиб олиши лозим.
ФКда қайси ҳолатлар (сабаблар) даъво муддатининг ўтказиб юборилганлигини узрли деб топиш учун асос бўлиши кўрсатилмаган. Шу муносабат билан судлар даъво муддатини ўтказиб юборилишининг сабабларини ушбу ҳолатларни тасдиқлаш учун тақдим этилган далиллар билан бирга ўрганишлари, уларни муҳокама қилиб, мазкур масала юзасидан ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг фикрларини эшитиб, уларга ҳуқуқий баҳо бериши лозим.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Даъво аризасига даъво муддатини тиклаш ҳақида ариза илова қилинган ёки даъво аризасида даъво муддатини тиклаган ҳолда уни иш юритишга қабул қилиш сўралган бўлса, даъво аризаси ХПК талаблари асосида берилган тақдирда, у иш юритишга қабул қилиниши керак. Бундай ҳолатда даъво муддатини тиклаш масаласи суд мажлисида жавобгар томонидан даъво муддатини қўллашни баён қилгандагина ҳал қилинади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
17. ФКнинг 161-моддаси талабларига кўра мажбур шахс ўз мажбуриятини даъво муддати ўтганидан кейин бажарган бўлса, ижро этиш пайтида даъво муддатининг ўтиб кетганлигини билган ёки билиши лозим бўлганлигидан қатъийназар, бажарган нарсасини қайтаришни талаб қилишга ҳақли эмас. Шунинг учун ўз мажбуриятини даъво муддати ўтганидан кейин ижро этган шахс ушбу ҳаракат даъво муддати ўтганидан кейин амалга оширилганлигини асос қилиб, берган нарсасини қайтариш ҳақидаги даъво билан мурожаат қилса, бундай даъвони қаноатлантириш рад этилиши лозим.
18. ФКнинг 163-моддасида даъво муддати жорий қилинмайдиган талаблар рўйхати келтирилган.
ФК 163-моддасининг бешинчи хатбошисига кўра жиноят туфайли етказилган зарарни тўлаш ҳақидаги талабларга даъво муддати жорий қилинмайди. Шуни инобатга олиш лозимки, жиноят туфайли етказилган зарар қонуний кучга кирган жиноят ишлари бўйича суднинг ҳукми, ажрими, ёки тергов органининг қарори билан тасдиқланган бўлиши керак.
18.1. Судлар инобатга олишлари керакки, мулкдор ўз мол-мулкини бошқа шахснинг қонунсиз эгалигидан талаб қилиб олиш ҳақидаги талабларга (виндикацион даъво) нисбатан умумий даъво муддати қўлланилади, ФКнинг 231-моддасида қайд этилган талабларга, яъни мулкдор ўз ҳуқуқларининг ҳар қандай бузилишини, гарчи бу бузиш эгалик қилишдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаса ҳам (негатор даъво), бартараф этиш ҳақидаги талабларга нисбатан эса даъво муддати жорий қилинмайди.
18.2. ФКнинг 163-моддасида қайд этилган даъво муддати жорий этилмайдиган талаблар қатъий эмас. Қонунда белгиланган ҳолларда бошқа талабларга нисбатан ҳам даъво муддатлари жорий қилинмаслиги мумкин.
19. Судларга тушунтирилсинки, «Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 35-моддаси талабларидан келиб чиқиб, корхона, муассаса ва ташкилотларнинг қарздорликларини ундириш ҳақидаги даъво аризалари даъво муддати ўтганлиги сабабли рад этилганда, суд ушбу қарздорликларни ўз вақтида ундириш чорасини кўрмасдан даъво муддатини ўтишига йўл қўйган мансабдор шахсларга нисбатан тегишли жавобгарлик масаласини ҳал этиш учун прокуратура органларига хабар қилади.