LexUZ шарҳи
1. Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқ мулк унинг барча шаклларида дахлсиздир ва унга нисбатан ҳар қандай тажовуз қонун билан таъқиб этилади.
4. Жиноят кодексининг 168-моддаси диспозициясига мувофиқ фирибгарликда алдаш деганда, айбдор томонидан, била туриб, ҳақиқатга тўғри келмайдиган ёлғон маълумотлар хабар қилиниши ёки иш ҳолати бўйича мулк эгаси ёки бошқа шахсга маълум қилиниши лозим бўлган ҳақиқий фактларни яшириш ёхуд мулк эгаси ёки бошқа шахсни янглиштиришга қаратилган қасддан содир этилган ҳаракатлар тушунилади.
8. Агар шахс ўзганинг мулкини ёки унга бўлган ҳуқуқни мазкур мулк ёки ҳуқуқ унга берилиши шарти билан боғлиқ мажбуриятларни бажармаслик ниятида олган ёки эгаллаган бўлса, қилмиш айбдорда ўзганинг мулкини ёки унга бўлган ҳуқуқни қўлга киритишга нисбатан қасд фақат ўзганинг мулки ёки унга бўлган ҳуқуқ қўлга киритилгунга қадар пайдо бўлган ҳолдагина фирибгарлик сифатида квалификация қилиниши лозим. Ўзганинг мулкини талон-торож қилишга қаратилган қасд мавжудлиги тўғрисида, жумладан, айбдор томонидан сохта ҳужжат ёки кафолат хатларидан фойдаланиш, қарз мавжудлиги ёки мулк гаров остидалиги тўғрисидаги маълумотни яшириш, битимда тарафлардан бири сифатида иштирок этиши учун сохта корхона (ташкилот) тузилиши, кредит маблағларидан мақсадга зид фойдаланиш ёхуд уларни нақдлаштириш кабилар гувоҳлик бериши мумкин. Қайд этилган ҳолатлар суд шахснинг фирибгарлик содир этишда айбдорлиги тўғрисида олдиндан хулосага келиши учун ўз-ўзидан асос бўлмайди, шу туфайли, шахснинг ўз мажбуриятларини била туриб бажариш нияти бўлмаганлиги ҳар бир муайян ҳолда ишнинг барча ҳолатларидан келиб чиқиб аниқланиши шарт.
Ўзганинг пул маблағларини ўғирланган (қалбакилаштирилган) кредит ёки ҳисоб картасидан фойдаланган ҳолда талон-торож қилиш, агар нақд пул маблағлари банкомат воситасида амалга оширилган бўлса, ўзганинг мулкини ўғирлаш сифатида квалификация қилиниши лозим. Бироқ ўзганинг банкдаги ҳисобида турган пул маблағларини ўғирланган (қалбакилаштирилган) кредит ёки ҳисоб картасидан фойдаланган ҳолда талон-торож қилиш, фақат шахс кредит, савдо ёки сервис ташкилотининг ваколатли ходимини алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан янглиштирган ҳолдагина (масалан, савдо ёки сервис марказида товарларга ёки хизматларга ҳақ тўлаш учун банк картасидан фойдаланган ҳолда шахс харид чиптасига картанинг қонуний эгаси ўрнига имзо қўяди ёки унинг номига қалбакилаштирилган паспорт тақдим этади) фирибгарлик сифатида квалификация қилиниши лозим.
12. Фирибгарлик жиноятидан алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан мулкий зарар етказиш жиноятини (ЖК 170-моддаси) фарқлаш лозим. Сўнгги ҳолда шахс ўзганинг мулкини бевосита олиб қўймасдан ва унга нисбатан ҳуқуққа эга бўлмасдан, қонунга (шартномага) кўра, мулкдор эгалиги ёки тасарруфига ўтишга лозим бўлган товар-пул қимматликларини ўзлаштиради ва улар ҳисобига бойийди.
20. Фирибгарлик натижасида олинган, шунингдек, иш бўйича ашёвий далил деб эътироф этилган жабрланувчига тегишли пул ва бошқа қимматликлар ЖПК 211-моддаси тўртинчи бандига кўра, ўз эгасига қайтариб берилиши лозим, пул ва бошқа қимматликлар улар эгасининг ташаббуси билан, била туриб, пора предмети сифатида берилган ҳоллар бундан мустасно. Пул ва бошқа қимматликлар топилмаган ҳолларда уларнинг суммаси ёки пул бирлигидаги қиймати суд томонидан жабрланувчи фойдасига ундирилади.
Фирибгарликнинг ўғриликдан (ЖК 169-моддаси) фарқи шундаки, фирибгарликда айбдор мулкни ўзганинг эгалигидан олиб қўймайди, балки у томонидан янглиштирилган жабрланувчининг ўзи мулкни ёки мулкка бўлган ҳуқуқни беришига эришади.
Товламачиликдан (ЖК 165-моддаси) фирибгарлик шу билан фарқланадики, товламачиликда жабрланувчининг эрки синдирилган бўлади ва у қўрқув таъсири остида ҳаракат қилади, фирибгарликда эса алдов натижасида жабрланувчининг эрки янглишади.
Фирибгарлик жиноятидан ўтказиш мақсадида қалбаки банк билетлари (банкнотлар), металл тангалар, акциз маркалари, шунингдек, қимматли қоғозлар ёки чет эл валютаси ёхуд чет эл валютасидаги қимматли қоғозлар ясаш, уларни ўтказиш (ЖК 176-моддаси) Қасд йўналиши ва сохталаштириш хусусияти билан фарқланади. Бунда пул белгиси ёки чет эл валютаси пул айланмасига киритиш учун сохталаштирилади. Қимматли қоғозларни қалбакилаштириш билан боғлиқ фирибгарликда эса, (масалан, пул купюрасига бир неча нол рақамларини қўшиб ёзиш, сувенир банкнотларни, банкнот ёки қимматли қоғозларнинг фото-ксеронусхаларини ишлатиш ва ҳ.қ.) қасд муайян шахсни алдаш ва мулкий фойда олишга қаратилган бўлади.
22. Жиноят-процессуал кодексининг 415-моддаси талабларига риоя этган ҳолда суд айбловни ўзгартириши ва судланувчининг ҳаракатларини қонуннинг бошқа моддаси (қисми,банди)га квалификация қилишга, шунингдек, жиноятнинг айрим эпизодларини {судланувчининг айбига киритилган ҳаракатлардан) қонуннинг у бўйича судланувчига айб эълон қилинмаган моддасига квалификация қилишга ҳақли, башарти янги модда диспозицияси оғирроқ жиноят аломатларини назарда тутмаса ва айблов иш бўйича эълон қилинган айбловдан фактик ҳолатлари жиҳатидан жиддий фарқ қилмаса.