Ҳужжат кучини йўқотган " " 13.11.2015
 LexUZ шарҳи
 LexUZ шарҳи
3. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 53-моддасига биноан мамлакат иқтисодиётининг негизини хилма-хил шакллардаги мулк ташкил этади. Мулк ҳуқуқи, мутлоқ ҳуқуқ бўлиб, уни бузадиган ҳар қандай хатти-ҳаракатларнинг тақиқланишини тақозо этади.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 54-моддасига мувофиқ мулкка эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш бўйича субъектив ҳуқуқ фақат шу мулкнинг эгасига тааллуқли. Фуқаролик кодексининг 182-моддасига кўра бошқа асослар билан бир қаторда тадбиркорлик фаолияти ҳам мулк ҳуқуқининг вужудга келиш асосларидан ҳисобланади. Мулк ҳуқуқини амалга оширишга ҳар қандай, қонунга асосланмаган аралашув бу ҳуқуқни қўпол бузиш саналади.
4. «Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида» ги 1998 йил 24 декабрдаги Қонун назорат қилувчи органларнинг хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятига аралашмаслигини кафолатлашига, текширишларни ўтказиш асосларини, даврийлигини, муддатларини белгилашига эътибор қаратилсин.
Мазкур Қонуннинг 9-моддасига мувофиқ ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан хўжалик юритувчи субъектлар молия-хўжалик фаолиятини текшириш учун фақат қўзғатилган жиноят ишининг мавжудлигигина асос бўлади.
Шу муносабат билан, судлар бу масала бўйича қонунчиликнинг бузилишига ўз муносабатларини лозим даражада билдиришлари керак. Тадбиркорнинг фаолиятига ғараз ёки бошқа паст ниятда аралашув ҳолати аниқланган тақдирда айбдорларнинг ҳаракатлари Жиноят кодексининг бошқарув тартибига қарши жиноятлар учун жавобгарликни назарда тутувчи тегишли моддалари билан тавсифланмоғи лозим. Суд, шунингдек процесс иштирокчиларига тадбиркорда айбдордан барча, масалан унинг фаолиятига ноқонуний аралашув натижасида ишлаб чиқаришнинг тўхтаганлиги сабабли келиб чиққан зарарларни ундириб олиш ҳуқуқи мавжудлигини тушунтириши лозим.
Судлар назарда тутишлари лозимки, «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 39-моддасида тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш чекланган, яъни ушбу Қонун талабига кўра, тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини текширишлар назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича махсус ваколатли органнинг қарорига биноан назорат қилувчи органлар томонидан режали тартибда кўпи билан йилига бир марта амалга оширилиши мумкин, бундан хусусий корхоналар ва кўрсатилган модданинг иккинчи — олтинчи қисмларида назарда тутилган ҳоллар мустасно.
5. «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонуннинг 18-моддасида тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг конституциявий кафолатлари белгиланган. Чунончи, тадбиркорлар ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилишлари, давлат органлари, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний қарорлари, мансабдор шахсларнинг ҳаракат (ҳаракатсизлик)лари устидан судга шикоят қилишлари мумкин. Бундай шикоятларни кўришда, судлар, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 1996 йил 19 июлдаги «Фуқароларнинг ҳуқуқларини ва эркинликларини бузадиган хатти-ҳаракатлар ва қарорлар устидан келтирилган шикоятларни судларда кўриш амалиёти тўғрисида»ги 18-сонли қарорига амал қилмоқлари зарур.
Баён этилганларга асосан инобатга олиш лозимки, Жиноят кодексининг 41-моддасига мувофиқ ижтимоий фойдали мақсадга эришиш учун касб ёки хўжалик фаолиятига боғлиқ асосли таваккалчилик қилиб, ҳуқуқлар ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларга зарар етказиш жиноят деб топилмайди.
11. Хўжалик шартномаси тадбиркорлик субъектлари ўзаро муносабатларининг ҳуқуқий шаклининг асосини ташкил этади. Тарафлардан бири шартнома мажбуриятларини бажармаган ёки лозим даражада бажармаган тақдирда, айбдор тараф бошқа тарафга етказилган зарарни тўлайди, Фуқаролик кодексида, «Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида»ги 1998 йил 29 августдаги Қонунда, бошқа қонун ҳужжатларида ва шартномада назарда тутилган тартибда ўзгача тарзда жавобгар бўлади.
Шартномавий-ҳуқуқий масалаларга дахлдор ишларни кўраётганда «Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида»ги Қонун талабларига амал қилиниши ва хўжалик шартномаси тарафларининг ҳуқуқлари фойдаланилганми ёки йўқми аниқланиши лозим: жумладан, хўжалик шартномаларини тузиш, бажариш, ўзгартириш ва бекор қилиш муносабати билан зарур бўлган маълумотлар ва бошқа ҳужжатларни сўраш ва олиш; хўжалик шартномаларини тузиш, бажариш, ўзгартириш ва бекор қилиш билан боғлиқ масалалар юзасидан экспертларнинг ёзма хулосаларини сўраш ва олиш, мутахассислар билан маслаҳатлашиш; бошқа тарафнинг иқтисодий аҳволи, нуфузи ва ишчанлик жиҳатлари хусусидаги маълумотларни тўплаш; хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг қонунда назарда тутилган воситалари ва усулларини қўллаш; шунингдек, тузилган хўжалик шартномалари бўйича тарафлар ўз зиммаларига олган мажбуриятларни ўз вақтида ва тегишли тартибда бажарилиши юзасидан мазкур Қонуннинг 7-моддасида назарда тутилган мажбуриятларнинг бажарилганлигини, хусусан, ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилган хўжалик юритувчи субъект томонидан мазкур ҳуқуқ ва манфаатларни бузган хўжалик юритувчи субъектга нисбатан талабнома билдириш тартиби ва муддатларига риоя этилганлигини; ўзига талабнома билдирилган хўжалик юритувчи субъект томонидан уни кўриш тартиби ва муддатларига риоя этилганлигини; тараф рад (қисман рад) жавобини олган ёки талабномага белгиланган муддатда жавоб олмаган тақдирда хўжалик судига даъво аризаси бериш ҳамда суд буйруғини олиш учун ариза тақдим этиш тартиби ва муддатларига риоя этилганлигини ва шу кабиларни текшириш лозим бўлади.
13. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 744-моддасига мувофиқ банк ёки бошқа кредит ташкилоти (кредитор)нинг иккинчи тараф (қарз олувчи)га шартномада назарда тутилган миқдорда ва шартлар асосида пул маблағларини бериши кредит ҳисобланади.
Талон-торож қилиш аломатлари бўлмай туриб ноқонуний кредитлар бериш Жиноят кодексининг 205-моддаси билан тавсифланиши зарур. Кредитни қайтаришдан қасддан бўйин товлаш ёки ноқонуний кредит берганлик, шунингдек кредит беришни ноқонуний рад қилганлик учун жиноий жавобгарлик фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларига ёхуд давлат ёки жамоат манфаатларига кўп миқдорда зарар ёки жиддий зиён етказилган тақдирдагина келиб чиқади.
Судлар инобатга олишлари керакки, амалдаги қонунчиликка кўра тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи юридик шахсларнинг раҳбарлари ҳам мансабдор шахслар тоифасига кирадилар. Шунинг учун, мазкур мансабдор шахслар томонидан банкка ёки бошқа кредит муассасасига хўжалик юритувчи субъектнинг молиявий-хўжалик аҳволи тўғрисида била туриб ёлғон маълумотларни тақдим қилиш йўли билан кредит ёхуд кредит олиш учун имтиёзларнинг олиниши, кредит маблағларини ўзлаштириш ёки текинга олиш мақсади бўлмаган тақдирда, агар бу хатти-ҳаракатлар оқибатида давлат ёки жамият манфаатларига жиддий зиён етказилган бўлса, Жиноят кодексининг 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) билан тавсифланиши керак. Башарти, кўрсатиб ўтилган хатти-ҳаракатлар якка тартибдаги тадбиркор томонидан содир этилган бўлса, у Жиноят кодексининг 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноий жавобгарликка тортилиши лозим.
17. Солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш ҳақидаги ишларни кўришда хизмат вазифаларига совуққонлик билан муносабатда бўлиш оқибатида ҳисобни ёки ҳисоботни чалкаштириб юбориш, фойдани ҳисоблашда хатога йўл қўйиш ҳолатларининг ўзигина Жиноят кодексининг 184-моддаси билан тавсифланиши мумкин эмаслиги эътиборга олиниши лозим, чунки солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш фақат қасддан содир этилади. Тергов органлари ва судлар ҳар бир иш бўйича солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаётган шахснинг қасди ва ғаразли ниятларини аниқлашга мажбурдирлар.
18. Жиноят кодексининг 184-моддаси «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги 1999 йил 20 августдаги Қонунига мувофиқ қасддан яширилган, камайтириб кўрсатилган фойдалар (даромадлар) бўйича солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар тўлиқ тўланган тақдирда, озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо қўлланмаслиги ҳақидаги кўрсатма билан тўлдирилганлигини судлар эътиборга олишлари керак.