Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг «Бухоро, Навоий, Наманган, Самарқанд ва Фарғона шаҳарларининг туман маъмурий-ҳудудий тузилмаларини тугатиш ва Навоий вилоятининг Навоий тумани чегараларини кенгайтириш ва номини ўзгартириш тўғрисида» 2003 йил 12 декабрдаги 569-II-сон қарорини бажариш юзасидан Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Тасдиқланган чегаралар ҳисобга олинган ҳолда Бухоро шаҳридаги Файзулла Хўжаев ва Тўқимачи туманларини, Навоий шаҳридаги Кармана туманини, Наманган шаҳридаги Давлатобод туманини, Самарқанд шаҳридаги Сиёб, Боғишамол ва Темир йўл туманларини ҳамда Фарғона шаҳридаги Қиргули туманини тугатиш ҳамда Навоий вилоятининг Навоий тумани номини Кармана тумани деб қайта номлаш билан боғлиқ ташкилий-техник тадбирларни ҳал этиш бўйича республика комиссияси иловага* мувофиқ ташкил этилсин.
Шаҳар туманлари ҳокимликлари тугатилиши натижасида бошқарув ходимлари сони 111 нафарга қисқариши маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Бухоро, Наманган, Самарқанд ва Фарғона шаҳарларида тугатилаётган туманларнинг ички ишлар органлари ходимларининг мавжуд сонини сақлаб қолсин, уларни милициянинг таянч бўлимларига айлантирсин, зарурият бўлганда эса тугатилаётган туманлар тузилмаларининг штат бирликлари негизида шаҳар тузилмаларини ташкил этсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги кўрсатиб ўтилган шаҳарларнинг тугатилаётган туманларидаги ишлаб турган фуқаролик ҳолатлари далолатномаларини ёзиш органлари (ФҲДЁ органлари) ва нотариал идораларни сақлаб қолсин, улар тегишли вилоят адлия бошқармаларига бўйсундирилсин ва уларга тартиб рақамлари берилсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва Адлия вазирлиги Навоий шаҳрининг тугатилаётган Кармана тумани ички ишлар органлари ва ФҲДЁ органлари ходимларининг мавжуд сонини Навоий вилоятининг Кармана туманига берсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига Молия вазирлиги билан биргаликда тугатилаётган туман тузилмаларининг прокуратураси ҳамда Солиқ ва валютага оид жиноятларга қарши курашиш департаменти бўлимлари ходимларининг штатдаги ходимлари доирасида Бухоро шаҳрида тегишли шаҳар бўлимини, Самарқанд, Наманган ва Фарғона шаҳарларида, Навоий вилоятининг Кармана туманида эса туман бўлимларининг қисқартирилаётган штатлари ҳисобига уларни мустаҳкамлашни ҳисобга олган ҳолда штат жадвалларини қайта тасдиқлаш тавсия қилинсин.
Тугатилаётган тузилмаларнинг мол-мулки ва биноси прокуратуранинг тегишли органлари балансида қолдирилсин.
бир ой муддатда Бухоро шаҳридаги Файзулла Хўжаев ва Тўқимачи туманлари, Навоий шаҳридаги Кармана тумани, Наманган шаҳридаги Давлатобод тумани, Самарқанд шаҳридаги Сиёб, Боғишамол ва Темир йўл туманлари ҳамда Фарғона шаҳридаги Қиргули тумани тугатилиши, шунингдек тасдиқланган чегаралар ҳисобга олинган ҳолда Навоий вилоятининг Навоий тумани Кармана тумани деб қайта номланиши билан боғлиқ барча зарур ташкилий-техник тадбирлар амалга оширилишини таъминласин, уларнинг функциялари юқори турувчи шаҳар ҳокимликларига, тегишли функционал ва тармоқ бошқарув органларига берилсин;
икки ҳафта муддатда Самарқанд, Бухоро, Фарғона, Наманган ва Навоий вилоятлари ҳокимликлари Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда Вазирлар Маҳкамасининг «Бошқарув ходимлари сонини тартибга солиш ва сарфланадиган харажатларни мақбуллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2003 йил 22 августдаги 363-сон қарори талабларига қатъий мувофиқ равишда Бухоро, Самарқанд, Навоий, Наманган, Фарғона шаҳарлари ва Навоий вилоятининг Кармана тумани давлат бошқарув органлари ходимларининг чекланган умумий сонини, тузилмаси ва меҳнатга ҳақ тўлаш фондларини аниқлашга доир ташкилий масалаларни белгиланган тартибда ҳал этсин;
икки ҳафта муддатда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ва Молия вазирлиги билан биргаликда Бухоро, Самарқанд, Навоий, Наманган, Фарғона шаҳарлари ва Навоий вилоятининг Кармана туманининг 2004 йил учун бюджет ва ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш прогноз параметрларини белгиласин;
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги билан биргаликда юқорида кўрсатиб ўтилган шаҳар туманларининг давлат ва хўжалик бошқаруви органлари тугатилиши натижасида бўшаб қолаётган шахсларни ишга жойлаштириш чора-тадбирларини кўрсин, уларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ўзгартириш чора-тадбирларини амалга оширсин.
7. Навоий вилоятининг Кармана тумани ҳокимлиги аппарати, шунингдек мустақил бўлимлар раҳбар ходимлари ва мутахассислари меҳнатга ҳақ тўлаш бўйича I гуруҳга ўтказилсин.
8. Бухоро, Навоий, Наманган, Самарқанд ва Фарғона вилоятлари ҳокимликлари шаҳар хўжалигининг ташкилий даврда узлуксиз ва бир маромда ишлашини, ижтимоий масалалар ўз вақтида ҳал этилишини таъминласин.
9. Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси Бухоро, Навоий, Наманган, Самарқанд ва Фарғона вилоятлари ҳокимликлари билан биргаликда шаҳар туманлари тугатилишини ва Навоий вилоятидаги Кармана туманининг маъмурий ҳудуди кенгайтирилишини ҳисобга олган ҳолда статистика кўрсаткичларига тегишли ўзгартиришлар киритсин.
10. Вазирлар Маҳкамасининг «Навоий шаҳри таркибида Кармана туманини ташкил этиш ва Навоий туманининг янги марказини қуриш чора-тадбирлари тўғрисида» 1999 йил 22 июндаги 308-сон қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.