LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 22 февралдаги 87-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз аҳамиятини йўқотган айрим қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўз аҳамиятини йўқотган қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш тизимини жорий этиш орқали мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 27 сентябрдаги ПФ-6075-сон Фармони)»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари функциясини бажарувчи давлатга тегишли бўлмаган тузилмаларнинг фаолиятига барҳам бериш ҳамда спорт клублари (секциялари)нинг яккама-якка олишувларнинг жанговар ва шарқча турларига ўргатиш бўйича ишларини тартибга солиш, шунингдек, жамоат хавфсизлигини таъминлаш, фуқароларнинг ор-номуси, қадр-қиммати ва қонуний манфаатларини ҳуқуққа қарши тажовузлардан ҳимоя қилиш мақсадида Вазирлар Маҳкамасига қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Миллий хавфсизлик хизмати, Давлат жисмоний тарбия ва спорт қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат солиқ бош бошқармаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари бир ой муддат ичида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг функцияларини бажарувчи жамоат ташкилотлари, корхоналар, кооперативлар, уларнинг уюшмалари ва бирлашмаларини, шунингдек, яккама-якка олишувларнинг жанговар ва шарқча турларига ўргатувчи спорт клублари (секциялар)ни инвентаризациядан ўтказсинлар ва уларнинг фаолиятини тақиқласинлар. Уларнинг қонунга хилоф равишда ҳаракат қилишларига йўл кўйганлар қаттиқ жавобгарликка тортилсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат солиқ бош бошқармаси ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг функциясини бажарувчи давлатга тегишли бўлмаган тузилмалар, шунингдек, яккама-якка олишувларнинг жанговар ва шарқча турларига ўргатувчи спорт клублари (секциялар) томонидан асоссиз равишда олинган даромадлар аниқланишини ва республика бюджетига олиб қўйилишини таъминласинлар.
3. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Миллий хавфсизлик хизмати, Молия вазирлиги, Давлат солиқ бош бошқармаси, Давлат банки, Давлат жисмоний тарбия ва спорт қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари икки ой муддат ичида мазкур қарорнинг ижроси тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматига маълум қилсинлар.