LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 2 мартдаги ПҚ-5011-сонли «Электротехника саноатини янада ривожлантириш ва маҳаллий маҳсулотларнинг рақобатбардошлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига асосан 2021 йил 1 апрелдан ўз кучини йўқотади.
Рақобатбардош бизнесни ривожлантириш, якуний маҳсулот ишлаб чиқарувчиларга кўмаклашиш хамда мамлакатнинг экспорт салоҳиятини ошириш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 декабрдаги «Ўзбекистон Республикасининг 2018 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида»ги ПҚ-3454-сон қарори куйидаги мазмундаги 311-банд билан тўлдирилсин:
«311. ТИФ ТНнинг 74-гуруҳига мансуб мис маҳсулотларини чет эл валютасида экспортга реализация қилиш оборотига белгиланган ставка бўйича қўшилган қиймат солиғи солинади (бундан «Олмалиқ ТМК» АЖнинг ўзи ишлаб чиқарган маҳсулотлари мустасно)».
2. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Давлат солиқ қўмитаси ва Иқтисодиёт вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига:
қўшилган қиймат солиғи бўйича ноль ставкани қўллаш натижасида юзага келган салбий тафовутни қайтариш механизмини тартибга солиш юзасидан, ортиқча суммани ташкилотлар томонидан яратилган қўшимча қиймат улушига қараб ТИФ ТН кодлари гуруҳлари асосида қайтаришни назарда тутган ҳолда, Ҳукумат қарори лойиҳасини;
қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида таклифлар киритсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда «Ўзэлтехсаноат» АК корхоналари экспорти прогнозларини киритилаётган ўзгартишларни инобатга олган ҳолда қайта кўриб чиқсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси таркибида мис бўлган маҳсулотлар экспортида уларнинг декларация қилинаётган товарларга мувофиқлиги устидан қатъий назорат ўрнатсин.
5. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — Ўзбекистон Республикаси молия вазири Ж.А. Қўчкоров, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Н.С. Отажонов ва Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори О.Б. Муродов зиммасига юклансин.