Жаҳон банки иштирокидаги «Кадастр ва кўчмас мулкни рўйхатга олиш тизимларини модернизация қилиш» инвестиция лойиҳаси бўйича Ўзбекистон Республикаси ва Халқаро тараққиёт уюшмаси ўртасида молиялаштириш тўғрисидаги битим мажбуриятларини бажариш, шунингдек, давлат органлари, тадбиркорлик субъектлари ва аҳолига интерактив давлат хизматларини кўрсатиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасининг Миллий география ахборот тизими, Ягона давлат кадастрлари тизимини яратиш ҳамда жорий қилиш, мавзули кадастр хариталарини ишлаб чиқариш мақсадида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида 1984 йилги координаталар бутунжаҳон геодезия тизими (WGS-84) ва координаталар халқаро геоцентрик тизим — ITRSни қўллаш ҳамда улардан очиқ фойдаланиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси 1984 йилги координаталар бутунжаҳон геодезия тизими (WGS-84) ва координаталар халқаро геоцентрик тизим — ITRSда кадастр хариталарини яратишга ўтишни таъминлаш бўйича комплекс дастур лойиҳасини икки ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирилишини таъминласин.
4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — Қишлоқ ва сув хўжалиги вазири З.Т. Мирзаев ва Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси раиси А.Х. Абдуллаев зиммасига юклансин.