05.09.2016 йилдаги 10-1505/18144-сон
Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик судининг судлов ҳайъатининг қарори, 05.09.2016 йилдаги 10-1505/18144-сон
Кучга кириш санаси
05.09.2016
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг (кейинчалик матнда — ФК) 8 ва 234-моддаларига кўра, мажбуриятлар шартномадан, зиён етказиш натижасида ва ушбу Кодексда кўрсатилган бошқа асослардан келиб чиқади.
ФКнинг 333-моддасида қарздор айби бўлган тақдирда мажбуриятни бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги учун жавоб беришлиги белгиланган.
ФКнинг 263-моддасига кўра, неустойка тўлаш тарафларнинг келишувида назарда тутилган ёки тутилмаганлигидан қатъи назар, кредитор қонунда белгиланган неустойка (қонуний неустойка)ни тўлашни талаб қилишга ҳақли.
ФКнинг 326-моддасида агар тўланиши лозим бўлган неустойка кредиторнинг мажбуриятини бузиш оқибатларига номутаносиблиги кўриниб турса, суд неустойкани камайтиришга ҳақлилиги, бунда қарздор мажбуриятни қай даражада бажарганлиги, мажбуриятда иштирок этаётган тарафларнинг мулкий аҳволи, шунингдек кредиторнинг манфаатлари эътиборга олиниши кераклиги белгиланган. Бу тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 2007 йил 15 июндаги «Мажбуриятларни бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик учун мулкий жавобгарлик тўғрисидаги фуқаролик қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида»ги 163-сонли қарорининг 4-бандида ҳам тушунтириш берилган.
Қайд қилинганларни инобатга олиб, биринчи инстанция суди даъвонинг асосий қарз ундириш талабини тўлиқ, пеня ундириш талабини ФКнинг 326-моддаси талабларидан келиб чиққан ҳолда қисман қаноатлантириш ҳақида тўғри тўхтамга келган бўлса-да, кафиллик шартномаси қўшимча жавобгар номидан ваколатсиз шахс томонидан имзоланганлиги сабабли ўз-ўзидан ҳақиқий эмаслиги асоси билан қўшимча жавобгарни жавобгарликдан озод қилиш ҳақида асоссиз хулосага келган.
Чунки, ФКнинг 113-моддасига кўра, битим ушбу Кодексда белгилаб қўйилган асосларга кўра, суд ҳақиқий эмас деб топганлиги сабабли (низоли битим) ёки бундай деб топилишидан қатъи назар ҳақиқий эмас деб ҳисобланади (ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмаган битим).
Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 2014 йил 28 ноябрдаги «Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг битимларни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги нормаларни қўллашнинг айрим масалалари ҳақида»ги 269-сонли қарорининг 12.1-бандида битимни тузган шахс томонидан амалга оширилган имзонинг асллиги бўйича шубҳа мавжудлиги сабабли битимни ҳақиқийлиги юзасидан низолашилганда, билдирилган талаб асосли бўлса, битим ФКнинг 116-моддасига мувофиқ ҳақиқий эмас деб топилиши ҳақида тушунтириш берилган.
ФКнинг 293-моддасига кўра, қарздор кафиллик билан таъминланган мажбуриятни бажармаган ёки лозим даражада бажармаган тақдирда кафил ва қарздор кредитор олдида солидар жавоб берадилар, башарти қонунда ёки кафиллик шартномасида кафилнинг субсидиар жавобгар бўлиши назарда тутилган бўлмаса.
Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 2007 йил 15 июндаги «Суднинг ҳал қилув қарори ҳақида»ги 161-сонли қарорининг 1-бандига кўра, суд томонидан қабул қилинган қарор моддий ва процессуал қонунчилик нормалари билан тўлиқ мос келиши, иш ҳужжатлари ва суд аниқлаган ҳолатларга мувофиқ бўлиши керак.
Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодекси 188-моддасининг биринчи қисмида моддий ёки процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилиши ёхуд нотўғри қўлланилиши хўжалик судининг ҳал қилув қарорини ёки қарорини ўзгартириш ёхуд бекор қилиш учун асос бўлиши назарда тутилган.
Ўзбекистон Республикаси Олий Хўжалик суди Пленумининг 2008 йил 18 апрелдаги «Хўжалик судлари томонидан давлат божи тўғрисидаги қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида»ги 180-сонли қарорининг 17-бандида неустойка миқдори хўжалик суди томонидан асосли равишда ФКнинг 326-моддасига асосан камайтирилганда, даъвогарнинг давлат божи бўйича харажатлари, неустойкани камайтирмасдан ундирилиши мумкин бўлган суммадан келиб чиққан ҳолда жавобгар томонидан қопланиши ҳақида тушунтириш берилган.