LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 22 февралдаги 87-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз аҳамиятини йўқотган айрим қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўз аҳамиятини йўқотган қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш тизимини жорий этиш орқали мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 27 сентябрдаги ПФ-6075-сон Фармони)»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Умумхалқ байрами — 9 май — Хотира ва Қадрлаш куни ўтказилиши, шунингдек 1941—1945 йиллардаги Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган Ғалабанинг 59 йиллиги, 2004 йилнинг «Меҳр ва мурувват йили» деб эълон қилинганлиги муносабати билан ва уруш қатнашчиларини моддий рағбатлантириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Иккинчи жаҳон уруши ногиронлари ва қатнашчиларига 18000 (ўн саккиз минг) сўм миқдорида бир йўла бериладиган пул мукофоти белгилансин.
2. Ушбу қарорни рўёбга чиқариш билан боғлиқ сарф-харажатлар республика бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Марказий банки, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги ҳамда Миллий хавфсизлик хизмати мазкур пул мукофотларининг тантанали ва байрамона вазиятда топширилишини таъминласинлар.
4. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Ўзбекистон Республикаси Маданият ишлари вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Бадиий академия, Хотин-қизлар қўмитаси, «Маънавият ва маърифат» жамоатчилик маркази, «Нуроний» ва «Маҳалла» жамғармалари, бошқа жамоат ташкилотлари билан биргаликда Ватанимиз озодлиги ва шаъни ҳимоячиларига бағишланган махсус учрашувлар ва маърифий-бадиий кечалар ўтказсинлар.