LexUZ шарҳи
(Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2003 йил 19 декабрдаги 20-сонли ва 2006 йил 3 февралдаги 5-сонли қарорларига асосан киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар билан)
Олдинги таҳрирга қаранг.
Маънавий зарарни қоплаш ҳақидаги ишлар бўйича суд амалиётини ўрганиш натижаларини муҳокама қилиб, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми маънавий зарар етказиш билан боғлиқ бўлган муносабатларни тартибга солувчи қонун ҳужжатларининг турлилиги, уларни кучга кириш муддатларининг ҳар хиллиги, шунингдек Фуқаролик кодекси қабул қилиниши билан ҳал этилиши лозим бўлган масалаларни вужудга келтирганлигини қайд этади.
(муқаддиманинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2015 йил 26 июндаги 11-сонли қарори таҳририда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
Фуқаролик ҳуқуқий жавобгарликнинг янги тури — маънавий зарар етказилганлиги учун жавобгарликни назарда тутган қонун ҳужжатларининг амалга киритилиши ва судларда саволлар келиб чиқаётганлиги муносабати билан, Олий суднинг Пленуми қарор қилади:
(муқаддиманинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2015 йил 26 июндаги 11-сонли қарори таҳририда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
1. Маънавий зарарни қоплаш масалалари Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 55-моддаси, Меҳнат кодексининг 4, 21, 120, 150, 154, 174, 319, 355, 527, 565, 568-моддалари, 1996 йил 26 апрелдаги «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонунининг 22-моддаси, 2014 йил 6 майдаги «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонунининг 113-моддаси, 2012 йил 2 майдаги «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонунининг 38-моддаси, Фуқаролик кодексининг 11, 99, 100, 163, 1021 ва 1022-моддалари, 1998 йил 29 августдаги «Автомобиль транспорти тўғрисида»ги Қонунининг 19-моддаси ва ва бошқа қонун ҳужжатлари билан тартибга солинишига эътибор қаратилсин.
(1-бандининг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2023 йил 20 ноябрдаги 32-сонли қарори таҳририда)
Келиб чиққан низоларни тўғри ва ўз вақтида ҳал қилиш учун судлар ҳар бир иш бўйича тарафларнинг ўзаро муносабатлари характерини ва бу ҳуқуқий муносабатга маънавий зарарни қоплаш бўйича қонунни қўллашга йўл қўйилиши мумкинлиги, агар қонунда бундай жавобгарлик белгиланган бўлса, маънавий зарарни қоплаш тартиби ва шартларини назарда тутган қонуннинг қачон кучга кирганини, шунингдек, маънавий зарарни келтириб чиқарган ҳаракатлар қачон содир бўлганлигини текшириши ва муҳокама қилиб баҳо бериши лозим.
Шунингдек, суд жабрланувчига жисмоний ва маънавий азоблар етказилгани факти нима билан тасдиқланиши, у қандай ҳолатларда ва қандай ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) билан етказилганлиги, зарар етказувчининг айб даражаси, жабрланувчи қандай маънавий ва жисмоний азоблар тортгани, уни қоплашни қандай миқдорда баҳолаши ва низони ҳал қилиш учун аҳамиятга эга бўлган бошқа ҳолатларни аниқлаши зарур.
2. Маънавий зарар деганда жабрланувчига қарши содир этилган ҳуқуқбузарлик ҳаракати (ҳаракатсизлик) оқибатида у бошидан кечирган (ўтказган) маънавий ва жисмоний (камситиш, жисмоний оғриқ, зарар кўриш, ноқулайлик ва бошқа) азоблар тушунилади.
Ғайриқонуний ҳаракатлар (ҳаракатсизлик)нинг объекти бўлиб фуқарога туғилган вақтидан буён ва қонунга мувофиқ тегишли бўлган номоддий манфаатлари, (ҳаёти, соғлиғи, шахснинг қадр-қиммати, ишчанлик обрў-эътибори, шахсий ҳаётнинг дахлсизлиги, шахсий ва оилавий сири), шахсий номулкий ҳуқуқлари (ўз номидан фойдаланиш ҳуқуқи, муаллифлик ҳуқуқи ва бошқа номулкий ҳуқуқларнинг интеллектуал фаолият натижаларини қонунларга кўра ҳуқуқий муҳофаза қилиш) ва мулкий ҳуқуқлари (уй-жой дахлсизлиги, мулк ҳуқуқи ва бошқалар)ни бузилиши бўлиши мумкин.
Маънавий зарар, жумладан яқин қариндошини йўқотиш (ўлими) сабабли маънавий қайғуриш, ижтимоий ҳаётдаги фаоллигини давом эттира олмаслик, ишини йўқотиш, оилавий, тиббий сирларни ошкор қилиш, фуқароларнинг шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсига путур етказувчи ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни тарқатиш, ҳар қандай бошқа ҳуқуқларини вақтинча чеклаш ёки улардан маҳрум қилиш, етказилган зарар ёки соғлиққа бошқача зиён етказиш туфайли, жисмоний оғриқ, соғлиққа бошқача етказилган ёхуд етказилган маънавий азоблар натижасида бошидан ўтказилган бошқа касалликларда намоён бўлиши мумкин.
3. Амалдаги қонунга кўра (ФК 1021-моддаси) маънавий зарар етказганлик учун жавобгарликнинг келиб чиқишига асос бўлувчи шартлардан бири зарар етказувчининг айби бўлиши ҳисобланади. Қонунда тўғридан-тўғри кўрсатилган ҳолатлар бундан мустаснодир. Масалан:
Олдинги таҳрирга қаранг.
зарар фуқарога уни қонунга хилоф тарзда ҳукм қилиш, жиноий жавобгарликка тортиш, эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олишни ёки муносиб хулқ-атворда бўлиш ҳақида тилхат олишни қонунга хилоф равишда қўллаш, маъмурий жазо қўллаш ва қонунга хилоф тарзда ушлаб туриш, шунингдек ҳар қандай қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш натижасида етказилган бўлса;
(3-банднинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2023 йил 20 февралдаги 5-сонли қарори таҳририда)
зарар ор-номус, қадр-қиммат ва ишчанлик обрў эътиборини ҳақоратловчи маълумотларни тарқатиш туфайли етказилган бўлса.
4. Агар маънавий зарар жабрланувчига етказилган зарарни қоплашни назарда тутган қонун кучга киргунга қадарли етказилган бўлса, шунингдек даъвогар бундай қонун кучга кирганидан кейин ҳам маънавий ва жисмоний азоб ҳис қилаётган бўлса ҳам даъвогарнинг бу ҳақдаги талаби қаноатлантиришга тегишли эмас, чунки зарар етказилган вақтда жавобгарликнинг бу тури белгиланмаган бўлган ва умумий қоидага кўра содир қилинган вақтда амалда бўлган қонунда белгиланган хилоф ҳаракатга нисбатан жавобгарликни кучайтирадиган қонун орқага қайтиш кучига эга бўлиши мумкин эмас.
Лекин, агар даъвогарга етказилаётган маънавий ва жисмоний азоблар учун жавобгарнинг қонунга хилоф ҳаракати (ҳаракатсизлиги) маънавий зарар етказилганлиги сабабли жавобгарликни назарда тутадиган қонун кучга киргунга қадар бошланган бўлса ва бу қонун амалга кирганидан кейин давом этаётган бўлса, бундай ҳолатда маънавий зарар қопланишга тегишли бўлади.
5. Етказилган маънавий ва жисмоний азоблар учун зарар ундириш имконияти қонун ҳужжатида тўғридан-тўғри кўрсатилмаганлиги ҳамма вақт ҳам жабрланувчи маънавий зарар ундиришга ҳуқуқи йўқ деган хулосани билдирмайди.
Фуқаролик кодексининг 989-моддаси 1-қисмига мувофиқ юридик шахс ёхуд фуқаро ўз ходими меҳнат (хизмат, лавозим) мажбуриятларини бажариб турган вақтида етказилган зарарни қоплайди.
Олдинги таҳрирга қаранг.
6. Меҳнат кодексининг 4, 120, 150, 154, 174, 568-моддаларига биноан суд меҳнат ва (ёки) машғулотлар соҳасида камситишлар, ишга қабул қилишни қонунга хилоф равишда рад этилиши, меҳнат шартномасини қонунга хилоф равишда ўзгартириши, ишдан қонунга хилоф равишда четлаштириши, меҳнат шартномаси қонунга хилоф равишда бекор қилиниши ёки меҳнат шартномасини бекор қилиш асосларининг таърифини қонунга хилоф равишда ўзгартириш оқибатида ходимга етказилган маънавий азобларни компенсация қилиш мажбуриятини иш берувчига юклаши мумкин.
(6-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2023 йил 20 ноябрдаги 32-сонли қарори таҳририда)
Иш берувчига бундай мажбурият интизомий жазо асоссиз қўлланилганда, ноқонуний равишда бошқа ишга ўтказиш рад қилинганда, ишдан четлатилганда, меҳнат дафтарчаси, иш ҳақи, шунингдек бошқа тўловлар ўз вақтида бермаганликда ҳам юклатилиши мумкин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
(7-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2021 йил 20 апрелдаги 17-сонли қарорига асосан чиқарилган)
Олдинги таҳрирга қаранг.
7. Судлар шуни назарда тутиши керакки, ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни тарқатилиши оқибатида етказилган маънавий зарар бундай маълумотларни (йиққан) тарқатган шахсдан, агар бу маълумотлар тегишли ҳужжатларда бўлса, уларни маъқуллаган (гуруҳ) комиссия аъзоларининг ҳар биридан ундирилиши лозим.
(7-банд Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2021 йил 20 апрелдаги 17-сонли қарори таҳририда)
8. Суд маънавий зарарни ундириш ҳақидаги даъвони мулкий зарарни ундириш тўғрисидаги даъво билан бирга ҳам, шунингдек алоҳида ҳам кўрилиши мумкин, чунки амалдаги қонунга кўра етказилган маънавий зарар учун жавобгарлик мулкий зарарнинг мавжудлиги билан боғлиқ эмас.
9. Жиноят процессуал кодексининг 57-моддасига мувофиқ жабрланувчи, яъни жиноят туфайли маънавий зарар кўрган шахс, жиноят иши юритилиши жараёнида маънавий зарарни қоплаш ҳақида фуқаролик даъвосини қўзғаш ҳуқуқига эга.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Агар жиноят иши кўрилаётганда маънавий зарарни қоплаш ҳақидаги даъво арз қилинмаган ёки ҳал этилмаган бўлса, ФПКнинг 38-моддасига мувофиқ бундай даъво фуқаролик иши юритиш тартибида кўрилиши мумкин.
(9-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2018 йил 30 ноябрдаги 34-сонли қарори таҳририда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
Реабилитация этилганнинг маънавий зиённи ундиришга бўлган ҳуқуқи оқлов ҳукми чиқарилганидан ёки жиноят иши тугатилганидан кейин вужудга келишини назарда тутиш лозим (ЖПК 302, 303, 306, 309 ва 310-моддалари). Реабилитация этилганга етказилган маънавий зиённи ундириш ҳақидаги даъво фуқаролик иши юритиш тартибида кўрилади (ФК 1021-моддаси).
(9-банднинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2023 йил 20 февралдаги 5-сонли қарори таҳририда)
10. Судларга тушунтирилсинки, шахсни ғайриқонуний тарзда маъмурий жавобгарликка тортиш ҳолларида ҳам маънавий зиённи ундириш ҳуқуқи вужудга келади (МЖтКнинг 271-моддаси).
Маъмурий иш бўйича жабрланувчи ҳам қонунбузарнинг ҳаракатлари натижасида етказилган маънавий зарарни ундириш ҳуқуқига эга.
11. «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг 22-моддасига биноан истеъмолчининг ҳуқуқлари бузилиши туфайли унга етказилган маънавий зарар учун уни етказган шахс, башарти у айбдор бўлса, суд томонидан белгиланадиган миқдорда ҳақ тўлаши лозим. Зарарни қоплаш миқдорини неустойка бўйича тўланадиган сумма ёки товар (иш, хизмат) қийматига тобе қилиб қўйиш мумкин эмас, уни белгилашда ҳар бир аниқ ҳолатда истеъмолчига етказилган руҳий ва жисмоний азобларнинг ҳажми ва характерига асосланиш лозим. Маънавий зарар учун ҳақ тўлаш мулкий зиён ва истеъмолчи кўрган зарарнинг ўрни қопланишидан қатъи назар, амалга оширилади.
Маънавий зарар, уни етказишда айбдор бўлган жавобгар(лар) томонидан қопланади. Шу боис, бундай ҳолларда жавобгар ФКнинг 1018-моддасида кўрсатилганидек (товар сотувчи ёки тайёрловчи) истеъмолчининг хоҳишига кўра аниқланмасдан, балки улардан қайси бири истеъмолчининг ҳуқуқларини поймол этиши натижасида маънавий зарар етказилганига қараб аниқланиши керак.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Агар суд муҳокамаси давомида, даъво бўйича жавоб бериши лозим бўлмаган шахсга нисбатан даъво тақдим этилганлиги аниқланса, суд ФПК 46-моддаси талабларига риоя қилган ҳолда ишга дахлдор бўлмаган жавобгарни ишга дахлдор бўлган жавобгар билан алмаштириш ёки бу шахсни қўшимча жавобгар сифатида жалб этишга ҳақли
(11-банднинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2018 йил 30 ноябрдаги 34-сонли қарори таҳририда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
(12-банд Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2015 йил 13 ноябрдаги 18-сонли қарорига асосан ўз кучини йўқотган)
13. Маънавий зарарнинг миқдорини белгилашда судлар жабрланувчининг унга етказилган маънавий зарарнинг оғирлигига берган субъектив баҳосини, шунингдек даъвогарга етказилган маънавий ва жисмоний азобларнинг даражасини кўрсатувчи объектив маълумотларни, тажовуз қилинган объектнинг ҳаёт учун муҳимлиги, фойдаси (ҳаёти, соғлиғи, қадр-қиммати, шахсий эркинлиги, уй-жойнинг дахлсизлиги, катта қимматликка эга бўлган мулклари ва бошқалар), ҳуқуқбузарликнинг оғирлиги ва оқибати (яқин қариндошларининг ўлдирилиши, ногиронликка олиб келган тан жароҳати етказилиши, озодликдан маҳрум қилиш, ишдан ёки турар жойдан ва бошқалардан маҳрум қилиш), уялтирадиган нотўғри маълумотларнинг характери ва уларни қанчалик даражада (доирада) тарқатилганлиги, жабрланувчининг яшаш шароитлари, шахсий хусусиятлари (хизмати, оилавий, маиший, моддий томонлари, соғлиғининг ҳолати, ёши ва бошқалар), зарар етказувчининг ва жабрланувчининг айб даражалари, зарар етказувчи шахснинг моддий аҳволи ва бошқа эътиборга молик ҳолатларни ҳисобга олишлари лозим.
Бундан келиб чиқиб, маънавий зарарни қоплаш миқдорини етказилган мулкий ва бошқа моддий зарарни ундириш даъво талабининг қопланиш ҳажмига қараб белгилаш мумкин эмас. Зарарни қоплаш миқдорини белгилашда адолатлилик ва оқилоналик талаблари инобатга олиниши лозим (ФКнинг 1022-моддаси).
Судлар шуни назарда тутишлари лозимки, қарз шартномасидан келиб чиққан мажбурият, пул мажбурияти бўлиб, уни бажармаганлик учун жавобгарлик Ўзбекистон Республикаси ФКнинг 327-моддасида белгиланганлиги сабабли қарз олувчининг шартнома бўйича мажбуриятни бузганлиги қарз берувчининг маънавий зарарни қоплаш ҳуқуқини истисно этади.
14. Бир неча шахсларнинг биргаликдаги ҳаракатлари туфайли маънавий зарар етказилган ҳолларда жабрланувчи уни етказганларнинг ҳаммасидан шериклик тарзида ёки ҳар биридан алоҳида тарзда ҳам ундириш ҳуқуқига эга (ФКнинг 1000-моддаси).
Олдинги таҳрирга қаранг.
15. Маънавий зарарни қоплаш номоддий бойликларни ва номулкий ҳуқуқларни ҳимоя қилишнинг бирдан-бир манбаи ҳисобланади. Шунга кўра ФК 163-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ маънавий зарарни ундириш ҳақидаги талабларга даъво муддати татбиқ этилмайди
(15-банд Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2018 йил 30 ноябрдаги 34-сонли қарори таҳририда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
16. Маънавий ва жисмоний азобларни қўллаш ҳақидаги даъво аризаларни қабул қилиш ва ишларни кўришда, маънавий зарар пул билан қоплансада, номулкий зарар эканлигини ҳисобга олиш лозим, Шуни ҳисобга олган ҳолда, Ўзбекистон Республикасининг «Давлат божи тўғрисида»ги Қонуни билан белгиланган давлат божи ставкаларининг миқдорларига мувофиқ мулкка оид бўлмаган даъво аризаларидан ундириладиган миқдорда давлат божи ундирилиши лозим.
(16-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2020 йил 21 февралдаги 05-сонли қарори таҳририда)
Қонунда белгиланган ҳолларда даъвогарлар давлат божи тўлашдан озод қилинишларини ҳам назарда тутиш лозим (масалан, «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг 29-моддаси 2-қисми).
Олдинги таҳрирга қаранг.
17. Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари судлар томонидан маънавий зарарни қоплаш тўғрисидаги қонунчилик талабларига қатъий риоя қилинишини таъминлаши, ушбу тоифадаги ишлар бўйича суд амалиётини мунтазам равишда умумлаштириб бориши лозим.