LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 8 майдаги ПФ-5438-сонли «Прокуратура органлари кадрларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикаси прокуратураси органлари раҳбар кадрларини қайта тайёрлаш ва ходимларининг малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида, шунингдек, Кадрлар тайёрлаш миллий дастурига мувофиқ:
1. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг Қонунчиликни мустаҳкамлаш муаммолари ва прокурор-тергов ходимлари малакасини ошириш маркази тугатилсин ва унинг негизида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг Олий ўқув курслари ташкил этилсин.
юридик фани, прокурор-тергов амалиёти, меҳнат ва бошқарувни илмий ташкил этишнинг энг янги ютуқларини ўргатиш мақсадида прокуратура органларининг раҳбар кадрларини қайта тайёрлаш ва ходимларининг малакасини ошириш;
мунтазам равишда тингловчиларнинг назарий билимлари ва амалий кўникмаларини ошириш, ишчанлик ва касбий фазилатларини такомиллаштириш;
ахборот-таҳлил ишлари кўникмаларини ривожлантириш, Ўзбекистон Республикаси ташқи ва ички сиёсатининг асосий йўналишларига доир билимларни чуқурлаштириш;
профессионал вазифаларни ҳал этишда замонавий компьютер технологияларидан, глобал ахборот тармоқлари ресурслари имкониятларидан фойдаланиш борасидаги билимларни чуқурлаштириш ва амалий кўникмаларни такомиллаштириш;
демократик ҳуқуқий давлат барпо этиш, фуқаролик жамиятини шакллантириш ва қонунчиликни мустаҳкамлаш соҳасида тингловчиларнинг ҳуқуқий билимларини ошириш;
тингловчиларни ватанпарварлик, Ватанига ва хизмат бурчига садоқат руҳида тарбиялаш, уларда ахлоқий-иродалик фазилатларни шакллантириш;
қонунийликни таъминлаш, ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлаш ва жиноятчиликка қарши кураш муаммолари бўйича тадқиқотларни амалга ошириш ҳамда амалий таклифлар, тавсиялар ва қўлланмаларни ишлаб чиқиш.
3. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг Олий ўқув курсларини бошқарув ходимларининг чекланган сони 11 кишидан иборат ташкилий-штат тузилмаси иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорига Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг Олий ўқув курслари тузилмасига белгиланган умумий штатлар сони доирасида ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилсин.
4. Раҳбар кадрларни қайта тайёрлаш дастури бўйича ўқиш муддати — 6 ой ва малака ошириш дастури бўйича — 1 ой этиб белгилансин.
5. Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори икки ҳафталик муддатда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг Олий ўқув курслари тўғрисидаги низомни ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.
6. Бош прокуратуранинг Олий ўқув курслари ходимларига прокуратура органлари ходимлари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш ва моддий таъминлаш шартлари татбиқ этилсин.
7. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳар йили Давлат бюджети параметрларини шакллантиришда ушбу қарорга мувофиқ Олий ўқув курсларига зарур маблағ ажратилишини назарда тутсин.
8. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида таклифлар тайёрласин.
9. Ушбу қарор ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси И. Абдуллаев зиммасига юклатилсин.