Қонун лойиҳасини Қонунчилик палатаси мажлисларида биринчи ўқишда кўриб чиқишда уни қабул қилиш зарурати, қонун лойиҳасининг концепцияси, унинг Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига мувофиқлиги, шунингдек қонунни амалга ошириш билан боғлиқ харажатлар ҳамда молиялаштириш манбалари тўғрисидаги масала муҳокама қилинади. Бунда маърузачи биринчи ва кейинги ўқишларда фракцияларнинг (депутатлар гуруҳларининг) фикрлари ва таклифларини депутатларга етказиши шарт.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг, конституциявий қонуннинг, уларга ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонунларнинг лойиҳаларини қабул қилиш учун Қонунчилик палатаси депутатлари умумий сонининг учдан икки қисмидан иборат кўпчилик овози талаб қилинади.