Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг
Қарори
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ КОНСТИТУЦИЯСИ ҚАБУЛ ҚИЛИНГАНЛИГИНИНГ ЎН БЕШ ЙИЛЛИГИ МУНОСАБАТИ БИЛАН АМНИСТИЯ ТЎҒРИСИДА
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг ўн беш йиллиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимномасига мувофиқ, инсонпарварлик тамойилига амал қилиб, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси 80-моддаси 10-бандига ва 93-моддаси 23-бандига асосан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати қарор қилади:
1. Биринчи марта содир этган жиноятлари учун судланганлар жазодан озод қилинсин:
а) аёллар;
б) жиноят содир этган вақтда 18 ёшга тўлмаган шахслар;
в) 60 ёшга тўлган эркаклар;
г) чет эл фуқаролари.
2. Эҳтиётсизлик орқасида жиноят содир этганлар, шунингдек биринчи марта ҳукм қилинган шахслар, башарти улар ижтимоий хавфи катта бўлмаган ёки унча оғир бўлмаган жиноят содир этган бўлсалар, жазодан озод қилинсин.
3. Мазкур Қарор кучга киргунга қадар бир йилдан ошмаган муддат ичида қонунда белгиланган тартибда жазони ўташга тўсқинлик қиладиган оғир касалликка чалинган ёки биринчи ва иккинчи гуруҳ ногиронлари деб топилган шахслар (жавобгарликни оғирлаштирадиган ҳолатларда қасддан одам ўлдириш жиноятини содир этганлар бундан мустасно) жазодан озод қилинсин.
4. Озодликдан маҳрум этиш жазосига ҳукм қилиниб, ўталмай қолган жазо муддати икки йилдан кўп бўлмаган, ҳукми мазкур Қарор эълон қилинган кунга қадар қонуний кучга кирган маҳкумлар (жавобгарликни оғирлаштирадиган ҳолатларда қасддан одам ўлдириш жиноятини содир этганлар бундан мустасно) жазодан озод қилинсин.
5. Тақиқланган ташкилотлар фаолиятидаги иштироки, улар таркибида тинчлик ва хавфсизликка қарши ёки жамоат хавфсизлигига қарши жиноятлар содир этганлиги учун биринчи марта 10 йилдан кўп бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилиниб, тузалиш йўлига қатъий ўтган шахслар жазодан озод қилинсин.
6. Ушбу Қарорнинг 1 ва 2-бандларида қайд этилган шахслар томонидан содир этилган жиноятлар юзасидан олиб борилаётган барча тергов ишлари ва судда кўрилмаган ишлар тугатилсин.
7. Мазкур Қарорга асосан жазодан озод қилинмайдиган шахслар жазо муддатининг ўталмаган қисми қуйидагича қисқартирилсин:
а) қасддан содир этган жинояти учун ўн йилдан ортиқ бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилинганларга — учдан бир қисмига;
б) қасддан содир этган жинояти учун ўн йилдан ортиқ муддатга озодликдан маҳрум қилинганларга — тўртдан бир қисмига.
8. Татбиқ этилмасин:
а) мазкур Қарор — ўта хавфли рецидивистларга; жазони ўташ тартибини мунтазам равишда бузаётган шахсларга; шунингдек муқаддам афв этиш ёки амнистия тартибида жазодан озод бўлгач, яна қасддан жиноят содир этган шахсларга;
б) мазкур Қарорнинг 1-банди — ўта оғир жиноят содир этган шахсларга, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси 273-моддаси 5-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этган чет эл фуқаролари бундан мустасно;
в) мазкур Қарорнинг 1—4, 6, 7-бандлари — тақиқланган ташкилотлар фаолиятидаги иштироки, улар таркибида тинчлик ва хавфсизликка қарши ёки жамоат хавфсизлигига қарши жиноятлар содир қилганлиги учун судланганларга.
9. Сенатнинг ушбу Қарори амалга оширилиши юзасидан масъулият Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси зиммасига юклатилсин.
10. Ушбу Қарор эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради ва уч ой мобайнида ижро этилиши лозим.
 LexUZ шарҳи
Ушбу Қарор «Халқ сўзи» газетасининг 2007 йил 1 декабрдаги 238 (4391)-сонида эълон қилинган.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси И. СОБИРОВ
Тошкент ш.,
2007 йил 30 ноябрь,
409-I-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2007 й., 11-сон, 560-модда)