Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Қирғизистон Республикаси Ҳукумати ўртасида
Битим
Ўш шаҳридаги қирғиз-ўзбек олий коллежи мақомини ўзгартириш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Қирғизистон Республикаси Ҳукумати, кейинги ўринларда Томонлар деб аталувчилар,
таълим соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш ва уни такомиллаштиришга интилиб,
ҳар икки давлат халқлари маданиятини ривожлантириш борасида биргаликда ҳаракат қилиш ва унга кўмаклашиш мақсадида,
қуйидагилар тўғрисида аҳдлашдилар:
1-МОДДА
Томонлар Ўш шаҳрида фаолият кўрсатаётган, кейинги ўринларда олий коллеж деб юритилади, И. Раззоқов номидаги қирғиз-ўзбек олий коллежига Қирғизистон Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси биргаликда бошқарадиган давлат олий ўқув юрти мақомини берадилар.
2-МОДДА
Қуйидагилар олий коллежнинг асосий вазифалари ҳисобланади:
Ўзбекистон Республикаси ва Қирғизистон Республикаси фуқароларидан технологик, табиий-техник, иқтисодий ва юридик ихтисосликлар бўйича икки даражадаги мутахассислар тайёрлаш;
илмий-техник ва кадрлар салоҳиятини кучайтириш, ҳар икки давлатда таълим соҳасида тўпланган ютуқлар ва тажрибалардан фойдаланишга кўмаклашиш;
Ўзбекистон ва Қирғизистон халқлари маданияти, тили, тарихий ва миллий анъаналарини сақлаш, ривожлантириш ва ўзаро бойитишга кўмаклашиш;
3-МОДДА
Олий коллежда ўқитиш қирғиз, ўзбек ва рус тилларида олиб борилади.
4-МОДДА
Ўзбекистон Республикаси ва Қирғизистон Республикаси олий коллежга лекциялар ўқиш учун малакали ўқитувчиларни йўллайдилар, уни зарур адабиётлар ва техник воситалар билан мунтазам таъминлайдилар.
Томонлар олий коллежнинг фаолият кўрсатишини таъминлаш чора-тадбирларини биргаликда ишлаб чиқадилар.
5-МОДДА
Томонларнинг тегишли вазирликлари ва идоралари олий коллежни Ўзбекистон Республикаси ва Қирғизистон Республикасида давлат ҳисобидан молиявий таъминланиб амалга ошириладиган илмий дастурларни бажаришга жалб этадилар.
6-МОДДА
Олий коллеж фаолияти Томонлар давлатлари қонунчиликларида кўзда тутилган максимал академик эркинликлар берилган ҳолда, унинг Устави билан тартибга солинади.
Олий коллеж Устави уни Томонларнинг олий таълимни бошқарувчи давлат органлари билан келишилгач қабул қилинади.
7-МОДДА
Олий коллеж ректорини Қирғизистон Томони Ўзбекистоннинг олий таълимни бошқарувчи давлат органлари билан келишиб тайинлайди.
Ректор ўз фаолиятида олий коллеж Устави ва мазкур Битимга амал қилади.
8-МОДДА
Ўрта маълумотга эга бўлган Ўзбекистон Республикаси ва Қирғизистон Республикаси фуқаролари миллати, жинси, дини ва ижтимоий ҳолатидан қатъи назар олий коллежга танлов асосида кириш ҳуқуқидан фойдаланадилар.
9-МОДДА
Олий коллежга талабаларни қабул қилишнинг назорат рақамлари Томонлар олий таълимни бошқарувчи давлат органларининг биргаликдаги қарори билан белгиланади. Олий коллежни тугатган шахслар Қирғизистон Республикаси давлат намунасидаги диплом оладилар.
10-МОДДА
Томонлар Олий коллежда тегишли аттестациядан ўтган, малака ишлари (диссертация)ни ҳимоя қилган шахсларга берилган маълумот, кадрларни қайта тайёрлаш тўғрисидаги, илмий даража, илмий унвон тўғрисидаги давлат намунасидаги ҳужжатларнинг ўз ҳудудларида муддатсиз эътироф этилишини кафолатлайдилар.
Олий коллежини лицензиялаш, аттестация қилиш, шунингдек кадрларни тайёрлаш сифатини текшириш масалаларини Томонларнинг олий таълимни бошқарувчи давлат органлари биргаликда ҳал этадилар.
11-МОДДА
Мазкур Битим 10 йил муддатга тузилади ва уни имзоланган кундан кучга киради. Унинг амал қилиш муддати агар томонлардан бири навбатдаги давр тугашидан камида олти ой олдин Битим ҳаракатларини тўхтатиш тўғрисидаги ўз ниятини ёзма хабар бериш йўли билан баён этмаса кейинги беш йиллик даврга ўз-ўзидан узайтирилади.
12-МОДДА
Мазкур Битим ҳаракатлари тўхтатилган тақдирда Томонлар олий коллеж мулкининг тугатиш балансини тузувчи тугатиш комиссиясини тайинлайдилар ва Томонлар сарфланган маблағларга мутаносиб компенсация (Қирғизистон Республикасининг ажралмас мулки ҳисобланмиш ҳаракатсиз мулк ва ер участкалари бундан мустасно) оладилар.
1996 йил 4 сентябрда Тошкент шаҳрида, ҳар бири ўзбек, қирғиз ва рус тилларида бўлган икки нусхада тузилди, бунда барча матнлар бир хил кучга эгадир.
Мазкур Битим қоидаларини талқин қилиш мақсадида рус тилидаги матндан фойдаланилади.
(имзолар)